Жисмоний фаоллик-узоқ умр гарови

Кун давомида бадан тарбия ва жисмоний машқларни бажарган кишининг саломатлиги мустаҳкам бўлади, организм касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади, кексайганда ҳам бақувват бўлади. Хусусан, юрак-қон томир тизими фаолияти ва мушаклар ҳаракати меъёрда бўлади, модда алмашинуви яхшиланади, организм тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради ва чиқариладиган моддалар тезроқ организмдан чиқариб ташланади.
Турли ёшдагилар учун эрталабки бадан тарбияси 10-15 дақиқа миқдорида бажарилиши тавсия этилади. Ҳар бир киши ўз ҳолатига мос жисмоний юкламани танлаши лозим. Кун давомида камида 30 дақиқа жисмоний машқ бажариш зарур.
Машқларни бажаргандан сўнг танани чиниқтириш учун сув муолажаси қабул қилиш керак. Жисмоний ҳаракатларни аста-секин бошлаш ва уларнинг ҳажмини оз-оздан кўпайтириш муҳимдир.
Жисмоний машқларни бажариш даврлари:
• Қизиш даври — 5-10 дақиқа енгил жисмоний машқлар;
• Фаол давр — 10-20 дақиқа асосий машқлар;
• Дам олиш даври — 5-10 дақиқа.
Доимий ва узлуксиз бажариладиган жисмоний машқлар инсон саломатлигига ижобий таъсир қилади:
• Тана вазнини назорат қилишда муҳим роль ўйнайди;
• Калорияларни сарфлаш орқали вазнни камайтиришни тезлаштиради;
• Танадаги ёғ қатламини камайишига ёрдам беради;
• Мушаклар ҳажмини оширади.
Жисмоний машқлар ва ҳар қандай фаоллик нафақат стрессларни камайтиради, балки организмнинг умумий ҳолатини яхшилаб, умрни узайтиради. Уйқуга ётишдан олдин 15-20 дақиқа сайр қилиш кун давомидаги чарчоқни йўқотади ва уйқуни яхшилайди.
Фаол ҳаёт тарзини танлаган одамлар кўпинча ўзлари ёқтирган спорт тури билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар. Аммо афсуски, ҳозирги кунда барча ёшдагилар, хусусан ёшлар ўртасида жисмоний фаоллик сезиларли даражада камайган.
Шу сабабли жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, камҳаракатликка йўл қўймаслик ва аҳолини, айниқса ёшларни спортга жалб қилиш долзарб масалага айланмоқда.
Соғлом турмуш тарзи соғлиқ, бахтли ҳаёт ва узоқ, сермаҳсул умр гаровидир.


Top