Буйрак касалликларининг олдини олиш: маслаҳатлар ва тавсиялар
Буйрак касалликлари бугунги кунда дунё бўйлаб энг кенг тарқалган патологиялардан бири ҳисобланади. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, овқатланиш ва ҳаёт тарзидаги ўзгаришлар сабабли кўпгина инсонларда пешоб чиқариш тизими билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Оддий тавсияларга амал қилиш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш орқали кўплаб буйрак касалликларининг олдини олиш мумкин.
Буйракларнинг организмдаги аҳамияти
Буйраклар жуфт аъзо бўлиб, улар қонни фильтрлаш, организмдан заҳарли моддалар ва чиқиндиларни чиқариш, сув-туз мувозанатини назорат қилиш, артериал қон босимини бошқариш каби муҳим вазифаларни бажаради. Шунингдек, буйраклар ренин ва эритропоэтин каби муҳим гормонларни ишлаб чиқаради, улар қон босимини ва қизил қон ҳужайраларининг ҳосил бўлишини тартибга солади.
Бироқ буйраклар кўплаб касалликларга мойил: булар қаторидан сурункали буйрак етишмовчилиги, нефрит, бўйрак тошлари ва бошқалар ўрин олади. Аксарият ҳолларда бу касалликлар илк босқичда белгисиз кечади, бу эса ташхис қўйишни қийинлаштиради. Шу сабабли, буйрак касалликларини олдини олиш соғлиқни сақлашда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Буйрак касалликлари ривожланишига сабаб бўлувчи асосий омиллар:
• Юқори қон босими (гипертония): доимий баланд босим буйрак томирларига зарар етказиб, уларнинг фаолиятини издан чиқаради.
• Қандли диабет: қондаги юқори глюкоза даражаси вақт ўтиши билан буйрак капиллярларини вайрон қилади.
• Ортиқча вазн ва семизлик: буйракларга тушадиган юкни оширади ва уларнинг зарарланишига олиб келиши мумкин.
• Нотўғри овқатланиш ва етарлича суюқлик ичмаслик: сув-туз мувозанатини бузади ва тош ҳосил бўлиш хавфини оширади.
• Чекиш ва алкогол: заҳарли моддалар буйрак тўқималарига салбий таъсир кўрсатади.
• Айрим дори воситаларни узоқ муддатда қабул қилиш: айниқса, оғриқ қолдирувчи воситалар ва антибиотиклар буйракка зарар етказиши мумкин.
Буйрак касалликларининг олдини олиш бўйича тавсиялар
1. Етарли миқдорда сув ичинг
Кун давомида 1,5–2 литр тоза сув ичиш буйраклар фаолияти учун муҳим. Сув токсинларни чиқариш ва тош ҳосил бўлишининг олдини олишга ёрдам беради.
Шуни билингки, чой, кофе ва газли ичимликлар сув ўрнини босмайди. Кофеин меъёрдан ортиқ бўлса, организмни суюқликдан маҳрум қилиши ва буйракдаги юкламани ошириши мумкин.
2. Қон босимини назорат қилинг
Гипертония — буйрак касалликларининг асосий сабабларидан бири. Қон босимини мунтазам текшириб туриш, уни меъёрда ушлаш, туз истеъмолини камайтириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва жисмоний фаолликни ошириш керак.
3. Қондаги қанд миқдорини назорат қилинг
Диабет ёки диабетолди ҳолатида бўлган шахслар қондаги шакар миқдорини кузатиб боришлари керак. Шакар ва углеводлар кам бўлган парҳез, ҳамда мунтазам жисмоний фаоллик буйракларни ҳимоя қилади.
4. Соғлом вазнни сақланг
Ортиқча вазн гипертония ва диабет хавфини оширади. Тўғри овқатланиш ва жисмоний машқлар орқали вазнни меъёрда ушлаш керак. Ҳатто озгина вазн йўқотиш ҳам буйракларга тушадиган юкни камайтиради.
5. Тўғри овқатланинг
• Туз истеъмолини камайтириш (суюқлик ушланиши ва босимни оширади)
• Овқатдаги оқсил миқдорини меъёрлаштириш (ортиқча оқсил буйракларга юк)
• Антиоксидантларга бой маҳсулотлар (мевалар, сабзавотлар) истеъмол қилиш
• Ёғли, қовурилган ва қайта ишланган овқатлардан сақланиш
6. Чекманг ва алкогол истеъмолини камайтиринг
Чекиш қон томирларини тортиради ва буйракларга қон оқимини пасайтиради. Алкогол эса организмни қуруқлаштириб, яллиғланиш жараёнларини кучайтиради.
7. Жисмоний фаол бўлинг
Мунтазам жисмоний ҳаракатлар саломатлик учун фойдалидир. Юриш, сузиш, йога каби енгил фаолиятлар қон босимини пасайтиради, вазнни меъёрда ушлайди ва қон айланишни яхшилайди.
8. Нефротоксик дориларни эҳтиёткорлик билан қабул қилинг
Айрим дорилар, айниқса ибупрофен, диклофенак каби воситаларни узоқ муддат қабул қилиш буйракка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Уларни қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш шарт.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Ҳар йили таҳлиллардан ўтиш (қон ва пешоб) ва умумий текширувлар буйрак муаммоларини эрта аниқлашга ёрдам беради. Қуйидаги белгилар мавжуд бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади:
• Юз, қўл ва оёқларда шиш
• Доимий чарчоқ, заифлик
• Юқори қон босими
• Пешоб ранги ёки миқдорида ўзгаришлар
• Белда оғриқ
Хулоса
Буйрак касалликларининг олдини олиш соғлом ҳаёт тарзини юритиш, тўғри овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва зарарли одатлардан воз кечишни талаб этади. Бу оддий тавсияларга амал қилиш орқали сиз кўпгина жиддий касалликларнинг олдини олишингиз ва ҳаёт сифатини оширишингиз мумкин.
Шуни унутманг: эрта ташхис ва даволаш — соғлом буйрак кафолати!
Қон босими, қондаги шакар ва вазнни назорат қилиш — соғлом ҳаётнинг асосий шартларидир.
Дилшод САПАЕВ,
Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нефрология бўлими мудири
Halol mehnat – xotirjam hayot va farovon jamiyat
Tadbirkor – elga madadkor
Mehnat shartnomasi – ijtimoiy himoyangiz kafolati
Жисмоний фаоллик-узоқ умр гарови
Минг бир дардга даво узум
Буйрак касалликларининг олдини олиш: маслаҳатлар ва тавсиялар
Қон босими паст бўлса...